Мўйқалам ва бўёқлар даври тугадими?
QR kod:
Yuklab olishlar
Ўзбекистонда таълим тизимини рақамлаштириш жараёнлари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Масофавий таълим платформалари, электрон дарсликлар, мультимедиа дарслари ва замонавий IT технологияларини ўқув жараёнига жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу ўзгаришлар санъат таълимига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Анъанавий устахоналар билан бир қаторда эндиликда график планшетлар, рақамли дастурлар ва мультимедиа воситалари ҳам ўз ўрнини топмоқда. Бундай шароитда кўпчиликни ўйлантираётган асосий савол – анъанавий тасвирий санъатнинг асосий қуроллари бўлган мўйқалам ва бўёқлар даври тугадими?
Таъкидлаш лозимки, йилдан-йилга техникалар ривожланиб, янги дастурлар яратилаётган бўлса-да, мойбўёқ, акварел, қалам каби воситалар ҳамон анъанавий тасвирий санъат таълими пойдевори бўлиб қолмоқда. Бу йўналишда ҳар бир ранг катта маҳорат ва тажриба талаб қилади. Талаба материалнинг табиий хусусиятларини ўз кўзи билан кўради, қўли билан ҳис қилади. Шу боис санъат мактаблари ва олий таълим муассасаларида қаламтасвир, рангтасвир, композиция каби фанлар ҳануз етакчи ўқув йўналиши сифатида сақланмоқда. Бу асосларсиз мукаммал рассомни тасаввур этиш мушкул.
Рақамли санъат эса бугунги кун талаблари билан уйғунлашган ҳолда янги имкониятлар эшигини очмоқда. График дастурлар орқали рангларни тез ўзгартириш, объектларни кўчириш, хатоларни бир зумда бекор қилиш мумкин. Бундай қулайлик ижод жараёнини тезлаштириб, тажриба қилиш имкониятларини кенгайтиради. Қатламлар билан ишлаш, чексиз палитра, махсус эффектлар – булар анъанавий санъатда йўқ, аммо рақамли ижоднинг асосий устунликлари саналади. Энг муҳими, замонавий меҳнат бозори дизайнер, иллюстратор, контент яратувчи каби мутахассисларга катта эҳтиёж сезмоқда ва улардан айнан рақамли кўникмаларни талаб қилмоқда.
Бугун энг мақбул ёндашув – анъанавий ва рақамли санъат усулларини уйғунлаштиришдир. Талабалар аввал қўлда эскиз тайёрлаб, композиция ва ҳажмни белгилайди, сўнгра уни рақамли муҳитда қайта ишлайди. Бу жараён техник маҳорат билан бирга ижодий фикрлашни ҳам ривожлантиради. Рақамли муҳит талабаларга қўрқмасдан тажриба қилиш имконини берса, анъанавий санъат уларга материалнинг ижодий “жони”ни ҳис қилишни ўргатади.
Мухтасар айтганда, “Мўйқалам ва бўёқлар тугади”, деган фикр ҳақиқатга тўғри келмайди. Улар ўз ўрнини йўқотмади, балки рақамли воситалар билан ёнма-ён яшашни ўрганди. Ўзбекистонда анъана ва инновация уйғунлашгани сари, келажак авлод рассомлари ҳам замонавий технологияларни чуқур биладиган, ҳам классик санъатни пухта ўзлаштирган профессионаллар сифатида вояга етади.
Авазжон АБДУМАЖИТОВ,
Чирчиқ давлат педагогика университети
Тасвирий санъат ва дизайн кафедраси ўқитувчиси