Tarbiya biz uchun yo hayot – yo mamot, yo najot – yo halokat, yo saodat – yo falokat masalasidir.

ПЕДАГОГИК ТАДҚИҚОТЛАР: ЭЪТИРОЗЛАР, САБАБЛАР, ОҚИБАТЛАР  (Академик Шавкат Аюповнинг “Jadid” газетасига берган интервьюсидан кейинги мулоҳазалар)

ПЕДАГОГИК ТАДҚИҚОТЛАР: ЭЪТИРОЗЛАР, САБАБЛАР, ОҚИБАТЛАР (Академик Шавкат Аюповнинг “Jadid” газетасига берган интервьюсидан кейинги мулоҳазалар)

Kategoriyalar:
Publitsistik maqolalar
Chop etilgan sana: 15 апрел 2026 10:29 Ko'rishlar: 175

Кириш. Ўзбек илмий жамоатчилигида педагогика ва педагогик тадқиқотлар борасидаги баҳслар тўхтамаяпти. Кузатишим бўйича баҳслашаётганларни бир нечта тоифаларга бўлиш мумкин: педагогиканинг моҳиятини англаб, уни ёқлаётганлар; педагогикани фан сифатида кўра билмаётганлар; бошқа фан тармоқларига нисбатан педагогик тадқиқотлар кўп эканидан ғашланаётганлар; баҳсда билдирилаётган фикрларга кўр-кўрона эргашаётганлар...

Баҳслашаётган икки томонда ҳам фикрини асослаб кўрсатаётганлар ва шунчаки эҳтиросга берилиб, ўз фикрини тиқиштираётганлар ҳам бор.

Олимнинг бағрикенглик қиёфаси илмни ўз йўналиши (фани) доирасидан четда ҳам кўра олишида намоён бўлади. Теран тадқиқотлар муаллифи ўз фанига муҳаббат билан ёндашар экан, бир вақтнинг ўзида бошқа фанларнинг аҳамиятини ҳам чуқур ҳис эта олади. Чунки ҳар қандай фаннинг фундаментал тадқиқотлари табиий равишда ёндош фанлар билан чуқур интеграцияни талаб қилади. Зеро, замонавий илмий тадқиқот яхлит тизим бўлиб, унда бир йўналишдаги кашфиёт иккинчиси билан уйғунлашмас экан, натижа ҳам тўлиқ қиймат касб этмайди. Тадқиқотчи интеграция жараёнида бошқа фанларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини англайди, илмий ечимнинг кенг қирраларини кашф қилади. Агар бу уйғунлик йўлга қўйилмаса, тадқиқотнинг илмий ва амалий қиммати камайиб, натижа чала ва ҳаётий қувватдан маҳрум бўлиб қолади. Илм оламида беғаразлик ва холислик олий мезон сифатида қадрланади. Ҳақиқий олим ўзи ёки фанини устун қўйишдан эмас, балки илмий ҳамкорлик ва мулоқотдан шараф топади.

***

Эътирозлар...

Педагогика борасида бўлаётган баҳсни маълум маънода табиий қабул қилиш мумкин. Математика, физика, биология, тарих, тилшунослик ва бошқа фундаментал фанлар атрофида шу соҳа вакилларигина фикр билдирадилар, баҳслашадилар. Бошқа фан вакиллари бунга аралашишдан тийилишади. Бу жудаям тўғри. Лекин педагогикада вазият бошқача. Педагогика фанлар кесишмасида жойлашган метафан бўлиб, бу фан билан математиклар ҳам, физиклар ҳам, биологлар ҳам, тарихчилар ҳам, тилшунослар ҳам шуғулланишлари мумкин. Фанлар реестрида 22 та фан тармоғи мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бири учун ўқитиш методикаси ва дидактикаси мавжудки, буларнинг ҳар бири бутун бошли кенг тадқиқот майдонларига эга. Янада соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, мисол учун фундаментал математикадан (биологиядан, химиядан, тилшуносликдан) битта диссертация ҳимоя қилинганда, 22 та фанни ўқитиш методикаси, назарияси, дидактикаси бўйича педагогикадан биттадан диссертация ҳимоя қилинганда, уларнинг нисбат тенг кетаётганини англатади. 

1=22 нисбатда қарайдиган бўлсак, педагогикадан тадқиқотлар айримлар ўйлаганчалик кўп эмас, уларнинг бу борадаги ғашланишлари ўринсиздир. 

Эътирозлар кўпроқ аниқ ва табиий фан вакиллари томонидан бўлмоқда. Умуман, педагогикани фан сифатида кўра олмаслик, англамаслик, фарқламаслик, тан олмаслик аниқ ва табиий фан вакилларига хос “синдром” (ташбиҳ учун узр, албатта). Халқимизда “Этигинг тор бўлса, дунёнинг кенглигидан не фойда?” деган нақл бор. Агар кимдир педагогикани фан сифатида кўра олмаса, бунда “айб”ни педагогикага ағдариш тўғри эмас. Айб ва хато ўшандай фикрлаётган кишида бўлади. Мисол учун, камина математикани фан сифатида кўра билмасам, унинг фан эканига шубҳа қилсам, айб математикада бўлмайди, менда бўлади.

Яқин бир йилча олдин бир академик (Ш.Аюпов эмас!) ижтимоий тармоқлар орқали педагогикани фанлар реестридан чиқариб ташлаш керак, деган иддао билан чиқди. Минг йиллар давомида Беруний, Ибн Сино, Фаробий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоийлар ўз қарашларини баён қилган; Ян Амос Коменский, Жон Локк, Жан-Жак Руссо, Иоганн Генрих Песталоцци, Адольф Дистервег, Константин Дмитриевич Ушинский, Антон Семёнович Макаренко, Мария Монтессори каби классиклар тадқиқотлар олиб борган; Рисбой Жўраев, Холбой Ибрагимов, Асқар Зуннунов, Улфат Маҳкамов, Қозоқбой Йўлдошев, Боқижон Тўхлиев, Сафо Матчонов, Ойниса Мусурмонова, Марғуба Мирқосимова, Бегзод Ходжаев (айни пайтда ёдимга келмаган устозлардан узр сўрайман) каби замонавий олимлар шуғулланиб келаётган ФАНга шубҳа билдириш, у ҳақида юзаки хулосаларини илмий жамоатчиликка эҳтирос ва жазава билан баён қилиш қанчалик тўғри. 

Аслида, ҳақиқий олим “фан” тушунчасининг моҳиятини яхши англайди. Ҳақиқий олим барча фанлар ўз ўрнида зарур ва шарт эканлигини-да яхши тушунади. Бошқа фан ҳақида юзаки мулоҳаза билдириш ёки унинг илмий мақомини шубҳа остига қўйиш, аслида, ўз нуфузини шубҳа остига қўйиш билан баробар эканлигини ҳақиқий олим билиши шарт.

Сон борасидаги эътирозларнинг асоссиз эканига юқорида тўхталдик. Афсуски, сифат борасидаги эътирозлар ҳам асосларсиз билдирилмоқда. Шу соҳа вакили сифатида кузатишларимга асосланиб айтишим мумкинки, педагогик тадқиқотларнинг сифати йилдан йилга ошиб бормоқда. Бугунги кунда таълим ва фан олдидаги долзарб муаммолар тадқиқотларга объект бўлмоқда. Замонавий педагогик парадигмалар, рақамли ва инклюзив педагогика, таълимга сунъий интеллект технологияларини татбиқ қилиш, таълимни халқаро баҳолаш тадқиқотлари талабларига мослаштириш, фанлараро интеграцияни кучайтириш билан боғлиқ долзаб муаммолар бугунги кунда педагогик тадқиқотларнинг объектига айланмоқда. Тўғри, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Лекин камчиликлар қайси фан тармоғида йўқ. Сон, сифат ва илмий-амалий натижадорлик бўйича муаммолар ҳар бир фан тармоғида мавжуд.

Шундай экан, камчиликлардан холи бўлмаган ўз фанимиз қолиб, бошқа фаннинг камчиликларини кўрсатиш билан “ҳурмат қозониш”дан тийилайлик. Ҳар биримиз ўз фанимизнинг камчиликлари устида бош қотирайлик. Бизга бугун айблов риторикаси эмас, балки исбот ва таъсир риторикаси зарур.  

***

Сабаблар...

Мамлакатимиздаги таълим ташкилотларининг халқаро рейтинг ва баҳолаш дастурларидаги натижаларининг пастлиги, эътирозларнинг асосий сабабчиси десак, нотўғри бўлмаса керак. Ҳақиқатдан ҳам, олий таълим ташкилотлари халқаро рейтингларда нисбатан паст кўрсаткични қайд этмоқда. Ёки 2022 йилда бўлиб ўтган PISA натижаларига кўра мамлакатимиз умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари энг охирги ўринларни эгаллашди. Бу – факт. Шундан кейин ҳамма бирданига “Бизда педагогикадан шунча тадқиқотлар олиб борилмоқда, лекин кўрсаткичларимиз нега бунчалик паст, демак...” деб ўйлаб бошлашди. Аслидаям шундайми? Бу кўрсаткичларга педагогик тадқиқотлар сабабчими? Ёки масалага чуқурроқ диққат қиладиган бўлсак, бошқа сабаблар ҳам борми? Қуйида шу саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз. 

Мамлакатимиз олий таълим ташкилотларида мустақилликдан кейин қарийб чорак аср давомида халқаро рейтингларга кириш ва бу рейтингларда ўз нуфузини мустаҳкамлаш бўйича ишлар деярли олиб борилмади. 2016 йилдан кейинги таълимдаги ислоҳотлар натижасида олий таълим ташкилотларини халқаро тан олинган рейтингларда нуфузини мустаҳкамлаш бўйича ишлар бир мунча жадаллашди. Аммо ҳалигача кўпгина олий таълим ташкилотларида халқаро рейтинг талабларига мувофиқ янгиланишларни таълим амалиётига татбиқ қилиш билан ишлар суст кетмоқда. Халқаро рейтинглардаги кўрсаткичлар олий таълим ташкилотларидаги таълим сифати билангина яхшиланмайди. Бу борада илмий тадқиқот самарадорлиги, профессор-ўқитувчиларнинг нашр фаоллиги, халқаро ҳамкорлик кўлами, академик мобиллик, таълим жараёнининг рақамлашув даражаси, битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги, иш берувчилар билан ҳамкорлик, университет бошқарувининг стратегик самарадорлиги каби масалаларда ҳам тизимли ёндашув, аниқ механизмлар ва барқарор амалий натижалар таъминланиши зарур. Акс ҳолда, халқаро рейтингларга оид фаолият айрим расмий кўрсаткичларни яхшилаш билан чекланиб қолиб, унинг мазмуний ва институционал самараси тўлиқ намоён бўлмайди.

Бизда олий таълим ташкилотлари фаолиятини халқаро рейтинг индикаторлари асосида режалаштириш, бошқариш ва баҳолаш амалиёти етарли даражада шаклланмаган. Натижада бу соҳада институционал тажриба, амалий кўникма ва барқарор бошқарув механизмлари ҳали тўлиқ тўпланмаган. Мамлакатимиз ОТМларининг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичлари нисбатан паст эканига ҳам айнан шу омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Зеро, рейтинглар билан ишлаш фақат маълумот тақдим этиш ёки расмий ҳисоботлар тайёрлаш билан эмас, балки узоқ муддатли стратегия, таҳлилий ёндашув, халқаро мезонларни чуқур англаш ва уларни таълим, илм-фан ҳамда университет бошқаруви амалиётига изчил татбиқ этишни талаб қилади. Шу маънода, мазкур йўналишда катта тажриба ҳали етарлича тўпланмагани мамлакатимиз олий таълим ташкилотларининг халқаро рейтингларда юқори натижаларга эришиш суръатига бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Шуни ҳам таъкидлашимиз лозимки, интервьюда таъкидланганидек, халқаро базалардаги журналлардан академик ҳалоллик қоидаларининг бузилиши аломатлари билан мақолаларнинг қайтиши, “йиртқич” журналларда чоп этилган мақолалар бўйича кўрсаткичнинг юқорилигига ҳам, бизнингча, халқаро рейтинг индикаторлари бўйича нотўғри ёндашувлар сабаб бўлмоқда. Рейтингбозликка ҳаддан ортиқ, тушуниб-тушунмай рўжу қўйиш ўзининг мана шундай салбий оқибатларини ҳам намоён этмоқда.

2022 йилги PISA натижаларига кўра мамлакатимиз ўқувчилари “математик саводхонлик” бўйича 81 давлат орасида 364 балл билан 72-ўринни; ўқиш саводхонлиги бўйича 336 балл билан 79-ўринни; табиий-илмий саводхонлик бўйича 355 балл билан 79-ўринни эгаллади. 

Нега? Бир қарашда оддий туюлган мазкур савол аслида фундаментал аҳамиятга эга. Чунки у фақат айрим фанлар кесимидаги паст натижани эмас, балки таълим мазмуни, ўқитиш методикаси, баҳолаш амалиёти, ўқув материалларининг тузилиши, ўқувчининг фикрлаш фаолияти ва билимни ҳаётий вазиятда қўллай олиш даражаси билан боғлиқ тизимли муаммоларни очиб беради. Шу маънода, мазкур саволга жавоб бериш учун таълим тизимини формал эмас, балки фундаментал таҳлил қилиш зарур. OECD маълумотларида ҳам Ўзбекистон ўқувчилари математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича OECD ўртача кўрсаткичларидан анча паст натижа қайд этгани, шунингдек, камида 2-даражага эришган ўқувчилар улуши ҳам паст экани кўрсатилган (Organisation for Economic Co-operation and Development (OECD). PISA 2022 Results (Volume I and II) – Country Notes: Uzbekistan [Электрон ресурс]. — Paris: OECD, 2023. — URL: https://www.oecd.org/en/publications/pisa-2022-results-volume-i-and-ii-country-notes_ed6fbcc5-en/uzbekistan_2bb94bf1-en.html OECDнинг кейинги маълумотлари ҳам шу манбадан олинган). 

Математик саводхонлик бўйича паст натижанинг асосий сабабларидан бири мактабларда математик билимни, асосан, қоида, формула ва алгоритмларни ўзлаштириш доирасида ўқитиш устунлиги сақланиб қолаётганида кўринади. PISA эса ўқувчидан тайёр қоидадан фойдаланишни эмас, балки ҳаётий вазиятни математик жиҳатдан ифодалаш, маълумотни таҳлил қилиш, мос моделни танлаш, ечимни асослаш ва натижани талқин қилишни талаб қилади. OECDга кўра, Ўзбекистонда математикадан камида 2-даражага эришган ўқувчилар улуши 19%ни ташкил этган, OECD ўртачаси эса 69% бўлган. Бу ҳолат ўқувчиларда амалий-мантиқий тафаккур, муаммоли вазиятни моделлаштириш ва ечимни ҳаёт билан боғлаш кўникмалари етарли даражада шаклланмаганини кўрсатади. Демак, муаммо фақат “математикадан билимнинг камлиги”да эмас, балки математик билимнинг функционал қўлланиш механизми заифлигида намоён бўлмоқда. 

Ўқиш саводхонлиги бўйича 336 балллик натижа эса муаммонинг янада чуқур қатламини очиб беради. Чунки ўқиш саводхонлиги PISAда оддий ўқиш тезлиги ёки матнни қайта ҳикоя қилиш билан чекланмайди; у матнни тушуниш, ундаги асосий ва иккинчи даражали маълумотни фарқлаш, муаллиф позициясини англаш, яширин маъноларни топиш, ахборотни солиштириш ва хулоса чиқариш каби юқори даражали когнитив амалларни қамраб олади. OECD маълумотига кўра, Ўзбекистонда ўқиш саводхонлиги бўйича камида 2-даражага чиққан ўқувчилар улуши атиги 14%ни ташкил этган. Бу эса ўқувчиларнинг катта қисми матнни чуқур англаш, топшириқ шартларини тўғри талқин қилиш ва берилган ахборот асосида фикрий амалларни бажаришда қийналаётганини англатади. Айнан шу жиҳат кейинги икки йўналишга ҳам бевосита салбий таъсир кўрсатади, чунки PISA топшириғини ечишдан олдин уни тўғри тушуниш талаб этилади. 

Табиий-илмий саводхонлик бўйича 355 балллик натижа ҳам шундан далолат берадики, мактабларда табиий фанларни ўқитишда назарий маълумотни эслаб қолиш ва тайёр жавобни такрорлашга ортиқча урғу берилади. PISAда эса ўқувчи илмий ҳодисани тушунтириши, далилни ажратиши, оддий тадқиқот мантиғини англаши, маълумот ва фактлар асосида илмий хулоса чиқариши лозим бўлади. OECDга кўра, Ўзбекистонда табиий фанлар бўйича камида 2-даражага чиққан ўқувчилар улуши 19% бўлган. Бу табиий-илмий билимларнинг амалиётга кўчирилиши, кузатув, изоҳлаш, далиллаш ва тадқиқотга хос фикрлаш элементлари етарли ривожланмаганини кўрсатади. Демак, табиий фанларни ўқитишда ҳам мазмунни ёдлашдан кўра, тушунтириш, изланиш ва далил асосида фикр юритишга йўналтирилган ёндашув устувор бўлиши шарт. 

Паст натижаларнинг муҳим сабабларидан яна бири PISA тадқиқотлари топшириқларини тушуна олмаслик билан боғлиқ. Чунки PISA топшириқлари, одатда, кўп босқичли, контекстга асосланган, жадвал, диаграмма, матн, расм ёки ҳаётий вазият билан интеграцияланган ҳолда берилади. Ўқувчи масалани ечишдан олдин унинг шартини тўлиқ англаши, қайси ахборот муҳим, қайсиси ортиқча эканини ажрата олиши, савол нима талаб қилаётганини пайқай олиши керак. Ўқиш саводхонлиги паст бўлган шароитда эса математик ёки табиий-илмий мазмундаги топшириқнинг ўзи ҳам тўлиқ англанмай қолади. Шу боис PISA натижаларини фақат алоҳида фанлар муаммоси сифатида эмас, балки ўқувчининг топшириқни ўқиш, тушуниш, таҳлил қилиш ва жавобни асослаш маданияти билан боғлиқ комплекс муаммо сифатида баҳолаш лозим. 

Бизнингча, халқаро рейтинг кўрсаткичларида ва халқаро баҳолаш тадқиқотларида мамлакатимиз таълим ташкилотлари кўрсаткичининг нисбатан паст эканлигига педагогик тадқиқотлар эмас, балки биринчи навбатда мана шу каби объектив омиллар сабаб бўлмоқда.

Педагогиканинг фан сифатидаги мураккаб табиатини англамаслик ҳам у ҳақида шунчаки юзаки фикрларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Дарҳақиқат, педагогика - мураккаб фан. Чунки унинг объекти инсон ва унинг интеллектуал ҳамда маънавий камолотини таъминлаш жараёнидир. Инсон эса табиатнинг энг мураккаб, энг серқирра мавжудоти сифатида ҳамиша ўзгаришда ва тараққиётда яшайди. Шунинг учун ҳам инсонни тарбиялаш, унга таълим бериш ва уни ҳар томонлама ривожлантириш жараёнини аниқ қонун-қоидаларга сиғдириб қўйиш мушкул ва ҳатто мумкин эмас. Инсон бир вақтнинг ўзида ҳам жисмоний, ҳам руҳий, ҳам маънавий, ҳам ижтимоий жиҳатларни ўзида мужассам этган мавжудотдир. Педагогиканинг мураккаблиги эса айнан шу жиҳатда – инсон қиёфасининг серқирралигида намоён бўлади.

Аниқ ва табиий фанларда вазият бошқача. Масалан, физикада Ньютон ёки Архимед қонунлари асрлар давомида ўз кучини йўқотмаган. Химияда сувнинг икки водород ва бир кислород атомидан ташкил топиши ҳеч қачон ўзгармайди. Математикада теоремалар ва формулалар доимий ҳақиқат сифатида қолади. Шу боис бу фанларда мутлақ ҳақиқатни яратиш, уни абадий қонун сифатида тасдиқлаш осонроқ (Бу фикрим тадқиқотлар осон дегани эмас). Бироқ педагогикада бу мумкин эмас. Чунки унинг объекти – инсон: инсоннинг маънавий ва интеллектуал қиёфаси, талаб ва эҳтиёжлари эса кеча қандай бўлса, бугун ундан фарқли, эртага эса яна бошқача шаклда намоён бўлади. Инсоннинг фикр тарзи, дунёқараши, эҳтиёжи ва қадриятлари замон билан бирга ўзгариб боради. Шунинг учун педагогик парадигмалар, технология ва методикалар ҳам ўзгарувчан, доимий равишда янгиланиб бориши зарур. Бугун самара берган метод эртага кутилган натижани бермаслиги мумкин.

Педагогика доимо янги шароитга, янги авлод эҳтиёжларига мослашиши лозим. Чунки ҳар бир авлоднинг ҳаётий тажрибаси, ахборот муҳити ва қадриятлари турлича. Бу эса педагогикадан ҳамиша изланишни, илмий янгиланишни, инновацияларни талаб қилади. Аслида, педагогиканинг фан сифатидаги куч-қудрати ҳам ана шу ўзгаришларга жавоб бера олишида, инсон табиати билан ҳамнафас бўла олишида намоён бўлади. Умуман, педагогика инсоннинг ўзи каби мураккаб, серқирра ва чексиз ривожланиш имкониятига эга соҳадир. Унга содда назар билан қараш, унинг моҳиятини жўнлаштириш бу инсоннинг ўзига, унинг келажагига нисбатан камида эътиборсизликдир. Чунки педагогика барча фанларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ва авлоддан авлодга ўтиши учун асосий йўлдир.

***

Оқибатлар...

Фан ва таълим бу бир-биридан ажралмас икки қутбдир. Улар орасида чуқур диалектик боғлиқлик мавжуд: фан янгиланса, таълим ҳам янгиланади; таълим тараққий этмаса, фан ҳам оммавий маънода ҳаётга татбиқ этилмайди. Аслида ҳар қандай фаннинг барқарор ривожланиши унинг ўқитиш тизими билан чамбарчас боғлиқ. Математика, физика, биология ёки тилшунослик бўлсин – барчаси таълим орқали авлоддан авлодга ўтади, унинг методикаси шаклланади. Демак, бундан “Фан бор экан, уни ўқитиш муаммоси ҳам бор” деган ҳақиқат ўз-ўзидан ойдинлашади.

Айнан шу ўқитиш муаммоси педагогиканинг фан сифатида барҳаётлигини исботлайди. Агар педагогика бўлмаса, фан ютуқларининг ворисийлик асосида авлоддан-авлодга ўтиши ҳам ва унинг амалиётга татбиқ этилиши ҳам йўқолади. Чунки фаннинг назарий кашфиётлари ёш авлод онгига етказилмаса, у кашфиёт амалий қиймат касб этмайди. Шу боис ҳар бир фан ўз тараққиёти учун педагогикага муҳтож.

Таълим эса фаннинг ҳаётий қиёфаси ҳисобланади. У орқали фан ютуқлари одамлар онгига, жамият тафаккурига сингади. Шу маънода педагогикани “иккинчи даражали соҳа” деб баҳолаш мутлақо нотўғри. Аксинча, у фанлар уйғунлиги ва узлуксизлигини таъминловчи марказий ҳалқа сифатида қаралиши лозим. Шунинг учун ҳам фан ва таълимни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Фан орқали билим яратилади, педагогика орқали эса у билим сифатида жамиятга етказилади, ўқитишнинг метод ва шакллари такомиллаштирилади. Бу икки жараённинг узвийлиги педагогиканинг нафақат зарурлигини, балки фан сифатидаги мақомини ҳам мустаҳкамлайди.

Бугунги кунда таълим ва тарбия соҳасида муайян ютуқлар қўлга киритилмоқда. Мактаблар учун замонавий ўқув дастурлари ишлаб чиқилаётгани, олий таълимда халқаро стандартларга мос йўналишлар йўлга қўйилаётгани, рақамли технологияларнинг дарс жараёнига кириб келиши ва интерфаол методлардан самарали фойдаланиш орқали ўқувчиларнинг билим олиш жараёни анча қизиқарли ва таъсирчан бўлиб бормоқда. Бугун ўқитувчи синфда фақат “ахборот берувчи шахс” сифатида эмас, балки йўл-йўриқ кўрсатувчи, ўқувчини мустақил изланишга ундовчи раҳбар сифатида намоён бўлмоқда. Бу жараён таълимнинг замонавий талабларга мослаша олаётганидан, ўзгаришларнинг ҳаётга кириб келаётганидан далолатдир. Бироқ шу билан бирга, биз шуни ҳам чуқур англашимиз зарурки, бу каби янгиланиш ва модернизация жараёнлари ўз-ўзидан содир бўлаётган ҳодиса эмас. Улар илмий асосга, педагогик тадқиқотларга суянган ҳолда рўёбга чиқмоқда. Демак, ҳар қандай ютуқ ортида тадқиқотчи олимларнинг меҳнати, педагогик мактабларнинг изланишлари ва илмий натижаларнинг амалиётга татбиқи ётибди.

Ҳақиқатан ҳам, педагогик тадқиқотларсиз таълим ўзгараётган жамиятнинг талабларига мослаша олмайди. Жамият ҳар куни ривожланмоқда, ишлаб чиқариш соҳаларида янги касблар пайдо бўлмоқда, инсоннинг кундалик ҳаётида янги технологиялар мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Бу эса ўз-ўзидан янги билим ва кўникмаларга бўлган эҳтиёжни юзага келтиради. Масалан, кечаги авлод учун компьютер саводхонлиги назарий кўникма бўлган бўлса, бугунги ёшлар учун у ҳаётий заруратга айланди. Эртанги кун эса янада юқори талабларни қўяди: сунъий интеллект, киберхавфсизлик, экологик маданият каби соҳалар ҳар бир шахс учун оддий билимлар даражасига айланиши мумкин. Шу шароитда педагогик тадқиқотлар таълим учун компас вазифасини бажаради: қайси метод самарали, қайси йўналиш истиқболли, қайси билимлар жамият эҳтиёжига жавоб беради каби саволларга жавоб топиш учун ҳам педагогика керак. Илмий таҳлил, тажриба ва асосли хулосаларга таянмаган таълим эса ўзгаришлар билан ҳамнафас бўла олмайди ва жамиятдан орқада қолади.

Таълим соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларнинг ўзлаштирилиши ҳам фақат педагогик тадқиқотлар орқали амалга ошади. Сингапур, Финляндия, Жанубий Корея, Япония каби мамлакатлар таълим тизимидаги улкан ютуқларига тасодифан эришмаган, балки педагогик изланишлар ва улар асосида ишлаб чиқилган давлат сиёсатлари натижасида бу даражага кўтарилган. Уларда олиб борилган илмий тадқиқотлар орқали ўқув дастурлари замон талабларига мослаштирилган, методикалар такомиллаштирилган, ўқитувчилар тайёрлаш жараёни қайта кўриб чиқилган. Натижада, бу мамлакатлар жаҳон педагогикасига илғор тенденцияларни кирита олди ва таълим соҳасида эталонга айланди. Шу маънода, хорижий тажрибани ўрганиш ва миллий амалиётга татбиқ этиш, фақатгина педагогик тадқиқотлар орқали самарали бўлиши мумкин. Шундай экан, педагогик тадқиқотларнинг асосий вазифаси таълим ва тарбияни замон талабларига мос равишда ривожлантириш, уни жамият эҳтиёжларига мувофиқлаштириш ва халқаро майдонда рақобатбардош даражага олиб чиқишдир. Илмий изланишларсиз таълим тизими замонавийлашиши мумкин эмас. Бу ҳолат эса педагогик тадқиқотларни нафақат зарур, балки жамиятнинг келажак тақдирини белгиловчи соҳа сифатида намоён этади.

Юқорида, 2022 йилги PISA натижаларига кўра мамлакатимиз ўқувчилари паст натижани қайд этганлигининг сабабларига тўхталгандик. Энди ўша сабабларни бартараф этиш, натижани яхшилаш бўйича айрим фикрларни баён қилсак. 

Умумтаълим мактабларида фанларни ўқитишга нисбатан ёндашувни тубдан ўзгартириш зарур. Биз энди ўқувчини маълумот билан тўлдиришни эмас, балки уни фикрлайдиган, таҳлил қиладиган, солиштирадиган, далил келтирадиган, билимни янги вазиятда қўллайдиган шахс сифатида шакллантиришга эътибор қаратишимиз лозим. Бунинг учун дарс жараёнида репродуктив топшириқлар улушини қисқартириб, компетенциявий, муаммоли, контекстли ва интегратив вазифалар салмоғини ошириш, матн билан ишлаш кўникмаларини барча фанларда ривожлантириш, ўқувчиларни изоҳлаш, асослаш ва мустақил хулоса чиқаришга ўргатиш талаб этилади. Фақат шундагина математик, ўқиш ва табиий-илмий саводхонликни бир-биридан ажралган йўналишлар сифатида эмас, балки ягона функционал таълим натижаси сифатида ривожлантириш мумкин бўлади.

Ушбу натижаларни яхшилаш учун фақат амалиётда айрим чоралар кўришнинг ўзи етарли эмас, балки чуқур ва мақсадли педагогик тадқиқотлар олиб бориш зарур. Чунки PISA натижалари оддий рейтинг эмас, у таълим тизимининг қайси нуқталарида узилиш борлигини кўрсатувчи ташхис омилидир. OECD ҳам айнан халқаро қиёсий натижалар орқали мамлакатлар бошқа таълим тизимларининг сиёсат ва амалиётидан ўрганиши мумкинлигини таъкидлайди. UNESCO эса ўқув натижалари бўйича баҳолашлардан олинган далиллар ўқув дастури, педагогика, таълим ресурслари ва бошқа шароитларни такомиллаштириш учун мустаҳкам асос бўлишини қайд этади (United Nations Educational, Scientific and Cultural Organization (UNESCO). Assessment for improved learning outcomes [Электрон ресурс]. — Paris: UNESCO. — URL: https://www.unesco.org/en/learning-assessments). Демак, паст кўрсаткичларнинг ташқи белгиларини эмас, балки ички педагогик сабабларини аниқлаш учун илмий тадқиқотлар зарур. 

Педагогик тадқиқотлар, аввало, муаммонинг аниқ манбасини очиб беради: паст натижа ўқув дастуридаги номувофиқликданми, ўқитиш методикасиданми, баҳолаш амалиётиданми, ўқувчиларнинг матнни тушуниш кўникмасиданми ёки ўқитувчининг дарсни ташкил этиш услубиданми – шуни илмий асосда ажратиб беради. Масалан, Ўзбекистон бўйича OECD маълумотларида математик, ўқиш ва табиий-илмий саводхонликда камида 2-даражага чиққан ўқувчилар улуши жуда паст экани қайд этилган; бу эса муаммо айрим мавзуларни билмасликда эмас, балки функционал саводхонликни шакллантириш механизмларида эканини кўрсатади. Шунинг учун тадқиқотлар энди “Нимани ўқитиш керак?” деган саволдан ташқари, “Қандай ўқитиш керак?”, “Қайси ёндашув натижа беради?”, “Қайси педагогик шартлар ўқувчини фикрлашга олиб чиқади?” деган саволларга жавоб бериши лозим. 

Бундан ташқари, педагогик тадқиқотлар амалий ислоҳотларни тасодифий эмас, далилга таянган ҳолда ташкил этиш имконини беради. Жаҳон банки таълим сифатига таъсир қилувчи асосий омиллар қаторида самарали педагогик амалиётлар, тушунтириш, ўқувчининг англаганини текшириш ва сифатли фикр-мулоҳаза бериш каби омилларни кўрсатади. Демак, мактабларда ёндашувни ўзгартириш дегани қайси методика, қайси баҳолаш усули, қайси дидактик воситалар ва қайси ўқитувчи тайёрлаш модели яхшироқ натижа беришини илмий синовдан ўтказишни англатади. Шу боис таълимдаги бугунги паст натижаларни яхшилаш, PISAга мос функционал саводхонликни шакллантириш ва мактаблардаги ўқитиш парадигмасини янгилаш учун педагогик тадқиқотлар нафақат керак, балки стратегик зарурат ҳисобланади. 

Умуман, PISA натижаларини яхшилашнинг энг тўғри йўли тезкор эмас, илмий асосланган йўлдир: муаммони чуқур ўрганиш, сабабларни аниқлаш, янги ёндашувларни тажриба-синовдан ўтказиш ва самарали моделларни таълим амалиётига жорий этиш зарур. Педагогик тадқиқотлар ана шу жараённинг интеллектуал, методологик ва амалий таянчи сифатида майдонга чиқади.

Таълимни халқаро баҳолаш талабларига мослаштириш муаммоси бизнинг фан ва таълимимиз учун нисбатан янги соҳадир. Буни, аввало, шу билан изоҳлаш мумкинки, Ўзбекистон PISA халқаро тадқиқотида биринчи марта 2022 йилда иштирок этди, адашмасам. Демак, халқаро баҳолаш мезонлари асосида миллий таълим натижаларини ўлчаш, уларни халқаро қиёслаш ва шу асосда илмий-педагогик хулосалар чиқариш амалиёти бизда яқин йиллардагина тизимли тус ола бошлади. OECD ҳам Ўзбекистоннинг PISAда биринчи марта қатнашганини алоҳида қайд этиб, бундай қиёсий натижалар сиёсатчилар ва педагогларга бошқа мамлакатлар тажрибасидан ўрганиш имконини беришини таъкидлайди. 

Халқаро баҳолаш талабларига мослашишни анъанавий фан методикасининг оддий давоми деб эмас, балки янги илмий-педагогик йўналиш сифатида баҳолаш тўғрироқ бўлади. Чунки бу ерда гап фақат дарслик мазмунини янгилаш ёки айрим тест топшириқларини ўзгартириш ҳақида эмас, балки таълим натижасини қандай тушуниш, нимани “саводхонлик” деб баҳолаш, ўқувчининг билимини қандай ўлчаш ва уни ҳаётий вазиятда қўллаш даражасини қандай ривожлантириш ҳақида кетади. PISAнинг ўзи ҳам математик, ўқиш ва табиий-илмий саводхонликни тайёр маълумотни такрорлаш эмас, балки билимни реал муаммоларда қўллаш, таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш қобилияти сифатида талқин қилади. 

Бизнинг миллий педагогикамизда узоқ вақт давомида таълим мазмунини ўзлаштириш, қоида ва таърифларни билиш, намуна асосида ечим топиш каби анъанавий кўрсаткичлар устувор бўлиб келган. Халқаро баҳолаш дастурлари эса натижани бошқача қўяди: ўқувчи ўқиган матнини англай оладими, маълумотни саралай оладими, муаммони математик жиҳатдан ифодалай оладими, илмий далил ва хулосани фарқлай оладими, деган саволларни марказга олади. Шунинг учун халқаро баҳолашга мослашиш муаммоси бизнинг таълим тизимимиз учун фақат методик янгиланиш эмас, балки парадигмал янгиланишни талаб этувчи янги соҳа ҳисобланади. 

Умуман, таълимни халқаро баҳолаш талабларига мослаштириш муаммосини бизнинг фан ва таълимимиз учун нисбатан янги соҳа сифатида эътироф этиш ўринлидир. Ушбу соҳада ҳали миллий методик тажриба, илмий-назарий асослар, компетенциявий баҳолаш воситалари, PISA типидаги топшириқларни ишлаб чиқиш ва уларни дарс жараёнига интеграция қилиш механизмлари етарлича тўлиқ шаклланиб улгурмаган. Демак, мазкур йўналишда фундаментал ва амалий педагогик тадқиқотларни кучайтириш, миллий таълим мазмунини халқаро талаблар билан уйғунлаштириш ва ўқитиш методикасини функционал саводхонликка йўналтириш бугунги куннинг долзарб илмий вазифаларидан бири саналади.

***

 

Хулоса. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, педагогика – бу фақат таълим бериш ва тарбиялаш усуллари ҳақидаги назариягина эмас, балки инсон камолоти, миллат маънавий қиёфаси ва келажак тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга фан ҳисобланади. Уни инкор этиш таълим ва тарбиядан, демакки, инсониятнинг эртанги кунидан воз кечиш билан баробардир. Илм оламида бағрикенглик ва холислик устувор бўлмоғи шарт: ҳар бир фан ўз ўрнида қадрли, ҳар бир йўналиш умумий тараққиёт занжирининг зарур бўғинидир. Педагогик тадқиқотларга ҳурмат билан қараш, уларнинг натижаларини қўллаб-қувватлаш бу ўқувчи шахсияти, миллат келажаги, бутун инсоният тараққиёти олдидаги маънавий бурчимиздир.


Умид Хўжамқулов,

педагогика фанлари доктори, профессор.