Ҳар қандай жамият тараққиётининг асосий гарови — бу билимли ва замонавий дунёқарашга эга бўлган ёшлардир. Уларнинг шаклланишида эса ўқитувчи шахсияти ва маҳорати ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис, Чирчиқ давлат педагогика университети мамлакатимизда келажак ўқитувчиларини тайёрловчи энг йирик ва замонавий илмий-маърифий марказлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу олийгоҳ фақатгина билим бериш маскани эмас, балки ҳар томонлама етук ва рақобатбардош мутахассис — келажак ўқитувчиси шахсиятини шакллантирадиган катта “фабрика”дир. Университетнинг барча факультетлари ва йўналишларида педагогик компетенциялар шакллантирилади, талабалар нафақат назарий билимлар, балки амалий кўникмаларга ҳам эга бўладилар.

Чирчиқ давлат педагогика университетида таълим жараёнида инновацион метод ва технологиялар кенг қўлланилмоқда. Аралаш таълим, рақамли таълим платформалари, замонавий СТЕАМ ёндашуви ва Soft skills дастурлари талабаларнинг билим олиш жараёнини бойитиб, уларнинг мустақил фикрлаши, ижодкорлиги ва жамоада ишлай олиш қобилиятларини шакллантиради. Айниқса, таълим жараёни Президент мактабларининг таълим дастурлари билан уйғунлаштирилгани бу ердаги талабаларнинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ёндашув талабаларнинг нафақат билимларини, балки дунёқарашини ҳам кенгайтиришга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда университетда “Педагогик таълим инновацион кластери” амалиёти жорий этилган. Бу тизим орқали университет, мактаб ва маҳаллий таълим муассасалари бир бутун ҳамкорлик муҳитини ҳосил қилади. Кластерда талабалар назарий билимларини амалий жараён билан уйғунлаштириб, ўз педагогик салоҳиятини синовдан ўтказадилар. Бу, айниқса, келажак ўқитувчисини ҳаётий воқеликка яқинлаштириш ва уни касбий фаолиятга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, устоз ва шогирд муносабатлари “Профессионаллар пирамидаси” шаклида ташкил этилган. Унда тажрибали профессор-ўқитувчилар ёш педагоглар билан ҳамкорлик қилади, ёшлар эса ўз навбатида талабаларга устоз сифатида хизмат қилади. Бу тизим ҳар бир босқичда ўқувчи, талаба ва ёш мутахассисларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаб, педагогик мероснинг узвийликда авлоддан-авлодга ўтишига шароит яратади.

Замонавий педагог тайёрлаш жараёнида индивидуал таълимга ҳам катта аҳамият қаратилмоқда. Университетда ҳар бир талабага шахсий траектория асосида ўқиш имконияти яратилади: уларнинг қобилиятлари, қизиқишлари ва касбий мақсадларига мос дастурлар таклиф этилади. Бу эса ҳар бир талаба ўзини педагогик йўналишда эркин намоён қилишига, мустақил изланишига ва ижодий ёндашувини ривожлантиришига замин яратади.

Келажак ўқитувчиларининг билимлари ҳаётга яқинлаштирилади: улар мактаблар, коллежлар ва таълим муассасаларида амалий машғулотлар ўтаб, педагогик маҳоратларини синаб кўрадилар. Ушбу жараёнда университет маҳаллий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади. Бу эса талабаларда жамоа билан ишлаш, масъулият ва ижодкорлик каби фазилатларни мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, университет ёшлар маънавий қадриятлар, миллий анъаналар, жаҳон таълим тенденциялари билан танишишларига йўл очади. Таълим жараёнида экологик маданият, ахлоқ, маданият, замонавий шахсга хос барча хислатлар ривожлантирилади.

Чирчиқ давлат педагогика университети ўз олдига катта мақсадларни қўйган: халқаро таълим майдонига чиқиш, талабаларнинг чет элларда амалиёт ўташини ташкил этиш, хорижий университетлар билан ҳамкорликни кучайтириш. Шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали таълим сифатини янги босқичга кўтариш режалаштирилган. Педагогик таълим инновацион кластерини ривожлантириш, “профессионаллар пирамидаси” ва индивидуал таълим имкониятларини кенгайтириш орқали университет ҳақиқий “ўқитувчилар фабрикаси” сифатида янада мустаҳкамланади.

Чирчиқ давлат педагогика университети — бу шунчаки таълим муассасаси эмас, балки Ватанимиз келажагини яратувчи ёш ўқитувчилар “ишлаб чиқариладиган” улкан фабрикадир. Унда шаклланган билим, кўникма ва қарашлар янги авлод ўқитувчиларини замонавий ва рақобатбардош қилиб тарбиялайди. Университетнинг ҳар бир талаби эртанги куннинг маънавий-маърифий қиёфасини белгилашда ҳал қилувчи кучга айланади.