Жамият тараққиётининг асосий омилларидан бири — инсон капитали бўлиб, унинг шаклланишида педагогнинг ўрни беқиёсдир. Шу маънода, жамиятнинг келажаги ҳақида сўз кетганда, аввало ўқитувчи ва уни тайёрлайдиган таълим тизими ҳақида ўйлаш зарур. Чунки педагог шахси — келгуси авлоднинг дунёқараши, ахлоқий меъёрлари ва интеллектуал салоҳиятини белгилайдиган асосий омилдир.
Педагогик таълим тизими ҳар бир тараққий этган давлатнинг маънавий ва илмий пойдеворини ташкил этади. Агар педагогик университетларда таълим сифати юқори бўлмаса, мамлакатнинг умумий таълим тизимида ҳам самарадорликка эришиш қийин бўлади. Бу жараёнда университет фақатгина билим бериш вазифасини эмас, балки педагог шахсини ҳар томонлама шакллантириш — унинг илмий дунёқараши, ижтимоий масъулияти ва маънавий баркамоллигини таъминлаш вазифасини ҳам бажаради.
Педагогик университет — бу жамиятнинг маънавий ва илмий келажагини белгилайдиган марказ сифатида намоён бўлади. У ерда олинаётган ҳар бир сабоқ, ҳар бир илмий тадқиқот ва тажриба кейинги минглаб ўқувчиларнинг билим даражаси ва тафаккурига таъсир кўрсатади. Шу боисдан ҳам педагогик таълим тизимида замонавий педагогик технологиялар, компетенциявий ёндашувлар ва миллий қадриятларга асосланган таълим муҳити муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирги глобал таълим маконида педагог тайёрлаш тизимида инновацион моделлар — кластер тизими, интеграцияланган фанлар ва компетенциявий таълим концепциялари кенг қўлланилмоқда. Бу моделлар ўқитувчини фақат билимли мутахассис сифатида эмас, балки ижодкор, таҳлилчи ва мустақил фикрлай оладиган шахс сифатида шакллантиришни мақсад қилади. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда ушбу йўналишларда тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Бироқ таълим сифатини яхшилашдаги ҳар қандай янгилик ва инновация фақатгина университетда мустаҳкам илмий-методик асос ва илмий муҳит мавжуд бўлсагина самара беради. Шу боис педагогик университетлар — жамиятнинг интеллектуал ва маънавий пойдеворини қуришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бирламчи звено ҳисобланади.
Замонавий педагог нафақат дарс берувчи, балки жамият тафаккурини, миллий ўзликни ва фуқаролик масъулиятини шакллантирувчи шахсдир. Университет эса ана шу шахсни яратадиган маънавий устахона сифатида фаолият юритиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, педагогик университетларда таълим сифати, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти ва талабаларнинг ижодий муҳитини такомиллаштириш — бу фақат таълим соҳасининг эмас, балки бутун жамият тараққиётининг узвий қисми ҳисобланади.